^Юқорига Back to Top
facebook

Адабиёт

Китобдин яхши ёр ўлмас

Китобдин яхши ёр ўлмас
 

Дунёда ҳамма нарсанинг ўз ўрни бор. бирор нарсанинг ўрнини бошқаси қоплай олмайди. инчунун, китобнинг. Олдинига компьютер, интернет чиқди, кейин китоб ўқиш учун махсус ясалган планшетлар пайдо бўлди...

босма китобларга эҳтиёж қолмаётгандек туйилди. Аммо инсонларнинг аввалбошдаги тасаввури тескари чиқиб қолди. Мутахассислар ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, биз китобларга рақиб деб билган электрон китоблар аслида босма китобларнинг тарғиботчиси бўлиб чиқди. Буни ҳамкасбимиз Баҳромжон Икромов ижтимоий тармоқлар орқали тадқиқ этибди. У ўрганган хулоса шу бўлибдики, бирор китобхон, айтайлик, “Оилада фарзанд тарбияси”  деган китобнинг электрон вариантини ўқиса, албатта, унинг босма нашрини ҳам сотиб олар экан. Бу гапнинг ростлигига сира ҳам шубҳа йўқ. Чунки менинг ўзим ҳам интернетдан олиб электрон вариантини ўқиган баъзи китобларни савдо дўконларидан қидириб юрибман.

Бундан аён бўладики, китобга ҳамиша талаб катта бўлади ва маърифатга интилган жамиятда, айниқса, китобнинг ўрни бўлак бўлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори айни маърифатга ташна жамиятнинг чанқоғини қондиришга хизмат қилади.

Ушбу қарорда қишлоқ жойларда ҳам кутубхоналар ташкил этиш тўғрисидаги бандини ўқиганда хорижда кўрганим бир воқеа ёдимга тушди. Юксак тараққий этган шаҳарлардан бирининг бир туманига бордик. Осмонўпар бинолари, кўркам боғлари, муҳташам ресторанлари, супермаркетлари мўл туманда бир дона кутубхона йўқ экан. “Бу ерда кутубхона борми?” деб сўрасам одамлар ҳайрон бўлди... Бизнинг эса энди чекка қишлоқларимизда ҳам кутубхоналаримиз бўлади.

Қарорга мазмуни саёз, миллий қадриятларимизга мос келмайдиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, паст савиядаги китобларнинг нашр этилишининг  олдини олиш масаласи ҳам киритилган.

Номдор журналист Аҳмаджон Мелибоев бир мақоласида бундай ёзган эди: “Таҳририятга бир киши боласини бошлаб келди. Шеърлари бор экан. Ўқиб кўрсам, ҳеч шеърга яқин келмайди – алмойи-алжойи гаплар. Буларни газетага чоп этиб бўлмайди”, дедим. Шунда ота ўрнидан туриб: “Ҳа майли, бўлмаса китобига киритиб юбора қоламиз”, дея ўғлини етаклаб чиқиб кетди.  Орқасидан ҳайрон бўлиб қараб қолдим. Ахир китобга газета-журнал таҳририятларида етакчи муҳаррирлар сайқал бериб эълон қилиб, ундан кейин яна бир бор қайта таҳрир қилинган пишиқ-пухта асарлар кирмасмиди? Китобларимиз қачондан бери бу қадар ғариблашиб қолди!..”

Шукрки, энди ана шундай ҳолатларнинг олди олинадиган, ўқувчининг вақтини ўғирлаб, эвазига унга кучли толиқишдан бошқа нарса бера олмайдиган қашшоқ китоблар чоп этилмайди.

Савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган тадбиркорлик субъектлари 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилиши китобхонлар ва китоб савдоси ходимлари учун росмана байрам бўлди. Зотан, солиғи кам бўлган китобнинг савдодаги нархи ҳам баланд бўлмайди.

Қарорда мамлакатда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берадиган eReader электрон ўқув қурилмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш белгиланган. Уларнинг ахборот базасига умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари учун дарсликлар, ўқув қўлланмалари, ўқув-услубий, илмий-назарий манбаларни жойлаштириш, бундай маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш механизмларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрланиши таъкидланган.

Ушбу жараён китобларнинг китобхонлар орасида янада кенг ёйилишини таъмин этади. Шукрки, юртимизда саводсиз одам йўқ. Ҳар бир киши китоб ўқий олади. Энг муҳими, Президентимиз қарорида айтилганидек, уларга фойдали китобларнинг етиб боришида.

muslim.uz

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!