^Юқорига Back to Top
facebook

Фиқҳ

Дуога қўл очинг...

Дуога қўл очинг...

"Дуо" арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида "чақириш", "сўраш" маъноларини англатади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

"Сиздан (эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар"(Бақара, 186).

 

Яна:

"Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай"(Аъроф, 55).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Яъни, дуода Ўзига сидқидилдан илтижо қилмоқ кераклиги уқтирилаётир.

Худди шу маъно Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Бир ҳадисда, Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам); "Дуо - бу, айни ибодат", деб,"Парвардигорингиз: Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!", деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар"(Ғофир, 60) оятини қироат қилганлари ривоят этилган.

Ушбу ҳадисда келтирилган ояти каримада "дуо" сўзи "ибодат" маъносида ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларига билдирмоқда.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

"Ким етти нарса билан ризқланса, еттита нарсадан маҳрум бўлмайди:

Ким шукр билан ризқланса, мулки зиёдаликдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, сизларга зиёда қиламан"(Иброҳим, 7).

Ким сабр билан ризқланса, савобдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур" (Зумар, 10).

Ким тавба билан ризқланса, тавбаси қабул бўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "У бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир" (Шуаро, 25).

Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли Зотдир" (Нуҳ, 10).

Ким дуо билан ризқланса, ижобатдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳтаолоайтади: "Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) мустажобқилай!" (Ғофир, 60) .

Кимга ижтиҳод қилиш берилган бўлса, тавфиқдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз" (Анкабут, 69).

Дуога очилган қўл - бандаликнинг бир кўриниши бўлса, иккинчи жиҳатдан, Ўзининг улуғ ва буюклигига қалбан иқрор бўлишнинг тасдиғи ҳамдир. Парвардигор эса, Ўзи ваъда қилганидек, дуоларни мустажоб этувчи меҳрибон Зотдир. Бунинг учун Яратган қайтарган нарсалардан тийилиб, У буюрган амалларни холис ва сидқидилдан бажармоқ керак, холос. Қодири Мутлақ бандаларини тоқатидан ортиқ нарсага буюрмайди.

Тошкент ислом институти

“Диний фанлар” кафедраси

ўқитувчиси П.Каттаев

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!