^Юқорига Back to Top
facebook

Ислом тарихи

Абдуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳу

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)ни бундай дуо қилардилар: "Ё Аллоҳ унидинда фақиҳ қилгин ва унга таъвилни ўргатгин".

Тўлиқ исми: Абдуллоҳ ибн Аббос ибн Абду Мутталибибн Ҳошим.

Куняси: Абулаббос. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) амакиларининг ўғли.

 

Расулуллоҳ (соллаллоҳуалайҳи ва саллам) вафот этганларида ўн уч ёшда эди. Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳу) уни ўз ёнларига олишди. Умматнинг олими бўлиб етишди, "илмлар денгизи” номини қозонди.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Бадр аҳли қатори менга ҳам гапиришга изн берарди. Шунда улардан баъзилари: "Болаларимиз тенги бир йигитчага гапиришга изн берасизми, ким ўзи у?" дейишди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): "У ҳам сизлар кабидир", деди. Бир куни улардан: «(Эй Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда...»(Наср, 1-2) оятлари ҳақида сўради. Саҳобалар: Аллоҳ (азза ва жалла) пайғамбарига Ўзининг фатҳи келганида унга истиғфор айтиб, тавба қилишга амр этяпти", деб жавоб қилишди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) мендан: "Эй ибнАббос, сен нима дейсан?" дебсўради. Мен: "Аллоҳ пайғамбарига унинг ажали яқинлашаётганини хабар бермоқда", деяжавоб қилдим. Шунда Умар(розияллоҳу анҳу) ўтирганларга: "Унинг бу жавобидан кейинэнди мени қандай маломатқила оласизлар?", деди.

Авзоъий айтади: «Умар ибнХаттоб Абдуллоҳ ибн Аббосга:
"Аллоҳга қасам, сен йигитларимизнинг келишгани, уларнингэнг оқили ва Аллоҳнинг (аззава жалла) китобини теран тушунувчисан", деди».

Ибн Аббос (розияллоҳуанҳу) айтади: "Умар ибн Хаттобменга: "Улар (саҳобалар) сўзламагунларича сен сўзлама", дерва қачон сўзлайдиган бўлсам,у: "Ҳали сочига оқ ораламаганмана бу болакайнинг далиликаби бир далил келтириб мениқаноатлантиринглар", дерди. Абу Солиҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: "Бир гал Ибн Аббоснинг мажлисида бўлдим. Агар бутун Қурайш у билан фахрланадиган бўлса, албатта у бунга лойиқдир. Унинг олдида одам кўп тўпланганидан йўллар тирбанд бўлиб кетарди".

Абдуллоҳ ибн Динор (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: "Бир киши келиб Ибн Умардан: «...осмонлар ҳам,Ер ҳам (аввалда) яхлит бўлганини, Биз уларни ёриб юборганимизни...»(Анбиё, 30) ояти ҳақида сўради. Ибн Умар розияллоҳу анҳу): "Бориб анави шайхдан сўра, сўнгра қайтиб келиб, менга у нима деганини айтиб берасан", деди. У бориб Ибн Аббос (розияллоҳуанҳу)дан сўради. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): "Осмонлар ёмғир ёғдирмас эди. Ер ҳам наботот ўстирмас эди. Бас, осмонлар чокидан ёмғир билан сўкилди. Ер ҳам чокидан наботот билан йиртилди", деб жавоб қилди.

Ҳалиги киши Ибн Умарнинг олдига қайтиб келиб унга бунинг хабарини берди. Шунда Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): "Албатта, Ибн Аббосга илм берилган, у тўғри айтибди, шундай бўлган", деди. Сўнг Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: "Дарҳақиқат, Ибн Аббоснинг Қуръон тафсир қилишдаги журъати мени ажаблантирмасди, (яъни, уни ҳам бошқа саҳобийлар каби бир тафсирчи деб билардим). Энди эса билдим, унга илм берилган экан".

Шақиқ (розияллоҳу анҳу) айтади: "Ибн Аббос хутба қилди. У Бақара сурасини очиб, уни ўқиб, тафсир қила кетди. Мен ҳеч кимни бу киши каби сўзлаганини кўрган ҳам, эшитган ҳам эмасман. Агар уни форслик ёки румлик эшитганида эди, албатта Исломга кирган бўларди".

Заҳҳок Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: "Эй гуноҳкор. Гуноҳ қилаётган пайтингда ўнг ва чап тарафингдаги кишидан ҳаё қилмаслигинг қилган гуноҳингдан улуғроқдир. Гуноҳ қилган пайтингда у билан хурсанд бўлишинг гуноҳнинг энг каттасидир. Гуноҳ қилолмаган пайтингда бундан хафа бўлишинг уни қилишингдаги гуноҳдан улуғроқдир. Сен гуноҳ қилаётганингда эшигингни ёпиб қўядиган шамолдан қўрқишинг ва Аллоҳ кўриб турганини ўйлаб қалбинг изтиробга тушмаслиги сен қилган гуноҳдан улуғроқдир".

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Тоифда, ҳижратнинг олтмиш саккизинчи йили вафот этди. Ёшлари етмиш бирда эди. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) га Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) нинг вафоти ҳақида хабар келгач, у бундай деди: "Одамларнинг энг олими ва энг ҳалими вафот этибди".

Мунзир айтади: "Абдуллоҳ ибн Аббос вафот этгач, Ибн Ҳанафий деди: "Бугун бу умматнинг тарбиячиси вафот этди".

"Диний фанлар" кафедраси

ўқитувчиси П.Каттаев

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!