^Юқорига Back to Top
facebook

Оила

Бефарқлик – фарзанд ҳалокати

— Одатдаги кунлардан бири. Келин ошхонада уймаланиб юрибди. Уй ишлари ҳеч тугамайдигандек, гўё. Гўдак эса ўз хонасида ўйинчоқлари даврасида. Унинг дунёси ва сассиз суҳбатдошлари ҳам шулар. Гўдак ўзининг илк даврасини шундай тасаввур қилади, рангли ва бир-биридан чиройли жонсиз дўстлар. Келин эса боласи жим ётиб турса-ю, у ишларини қилиб олса, деган ҳаёл билан ҳовлиқади. Ҳар куни деярли шундай.

 

— Жамоат транспортида она 3-4 ёшли фарзанди билан қаергадир кетаяпти. Бола ҳали кўп нарсаларни кўрмаганидан, автобус ойнасидан ташқарига қизиқиб қарайди. Автобус тез юрганидан унинг кўзлари ҳамма томонларни кўришга улгурмай алағда. Бола учун ҳаммаси қизиқ:

— Ойижон, анави нима? Ойижон, анави нега бунақа? Ойижон анави ерга борайлик…

Боланинг саволлари бисёр. “Жон катта, жасад кичкина” деганларидек, “билишга чанқоқлик катта, тафаккур кичкина”. У ҳаммасини бирдан билишни истайди. Она эса атрофидагиларга бирма-бир қараб қўйиб, боласини туртади:

— Жим! Уят бўлади! Кейин айтиб бераман!

“Кейин”нинг кераги йўқ болага. Онанинг боланинг иштиёқини сўндирадиган жавоби – унинг фарзандининг ҳеч нарсани билмаслигидан уялганиданми ёки бошқа сабаб борми? Ахир у гўдакку?!

— Ҳар кунгидек оқшом. Она кундалик юмушларидан чарчаган, ҳоли йўқ, лекин атрофида ўтирган икки фарзандининг дарсларини қилдириши керак. Четдан кузатсангиз кўпроқ она ва фарзандлар ўртасидаги тортишувга ўхшайди. Болалар ҳам бошланғич синфларда ўқиганлиги сабабли ва уйқу аралаш кўзлари билан ойисига баҳоналар қидирадилар:

— Ойижон, мана буни тушунмаяпман, қила олмаяпман. Эртага қилайлик.

— Ойижон, шеърни ёдлагим келмаяпти, ёмон шеър экан.

Она ҳам тезроқ ҳаммасини юмалоқ ёстиқ қилиб, тезроқ уйдаги қолган юмушлари билан овора бўлиш учун шошади:

— Шуниям билмайсанми? Мактабингда нималарни ўргатишади ўзи?!

— Жонимга тегиб кетди дарсларинг, ўзи бошимда мингта ташвиш.

Оқибатида на дарс тузук текширилади, на фарзанд онадан бирор керак маълумот олади.

— Охирги бир неча ҳафта ичида бу масала оиладаги долзарб ва ҳал қилина олмаётган масалалардан бўлиб қолди. Фарзанд мактабни битириш арафасида, масала – у қаерда ўқишни давом эттириши керак ва у ким бўлади?

— Дадажон, ойижон, биласиз, чизмачиликка болалигимдан қизиқиб келганман, доим қўлимдан келганча биноларнинг лойиҳасини чизиб юрганман. Уларни сизларга ҳам кўрсатар эдимку? Архитектор бўлишни бутун умр истаганман.

— Қанақасига, ўғлим, ман бутун умр сени шифокор бўлишингни ният қилганман. Мен ўзим шифокор бўлишни хоҳлаганман. Афсуски, орзуим амалга ошмади, шу орзуимни сенда кўрмоқчиман. Тиббий соҳадан борасан. – дейди она.

— Мен аллақачон дўстим билан келишиб қўйганман. У сени молия лицейига киришингга ёрдам беради. Мен сўзимдан қайта олмайман, юзимни ерга қаратма, даромадли ишларда ишлайсан кейинчалик. – ўзиникини қистиради ота.

— Ҳар бир йигит ва қизнинг тақдирида бўлганидек, оила қуриш масаласи ушбу хонадонда ҳам кундалик суҳбат мавзусига айланган ва ҳеч якуни кўринмайдигандек:

— Ўғлим, биз даданг билан бир қарорга келдинг. Фалончи дугонамнинг яхши бир қизи бор. Анчадан бери кўз остимга олиб юрган эдим. Эртага холанг билан шуларникига совчиликка бормоқчимиз.

— Ойижон, у қиз менга ёқмаса-чи?

— Бу нима деганинг, нега ёқмасакан. Мен аллақачон ваъдалашиб қўйганман. Ман яхши дедимми, шунинг ўзи кифоя.

— Менинг кўнглим-чи?

Атрофимизда учрайдиган бундай мисолларни яна қатор келтириш мумкин. “Қуш уясида кўрганини қилади” дейди доно халқимиз. Бу мақолни талқин қиладиган бўлсак, олам маъно топиш мумкин. Лекин, уядан оладиган нарсанинг ўзи бўлмаса-чи? Полапон она эътиборидан ва отанинг нигоҳидан бебаҳра бўлган хонадонларда-чи?

Ҳозирда атрофимизда фарзандларимизни турли сўқмоқ йўллардан етаклаб кетаётган вазиятларнинг негизида – ота-она ва фарзанднинг ўртасида оилада тарқоқликнинг мавжудлиги, бефарқлик, “болаларим деб чопиб юрибман” деган важ билан оила ташвишларига шўнғиб кетиб, фарзандидан узилиб қолиш ҳолатлари ётибди, назаримизда.

Огоҳлик, огоҳлик, деб бонг урилиши нафақат кўча-кўйга тегишли, балки ҳар бири алоҳида давлат бўлган оилаларга ҳам тааллуқли эмасми?

“Балиқ бошидан …” деганидек, ана шу бошнинг назоратини, хушёрлигини ҳамда жипслигини ошириш керак.

Имом Бухорий номли ТИИ ва

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти

ўқитувчиси Саодат Валиева

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!