^Юқорига Back to Top
facebook

Мақолалар

Кекса ва ёши улуғларнинг мартабаси

Мусаффо динимизда кекса ва ёши улуғларнинг мартабалари аввало Аллоҳ таолонинг ҳузурида, қолаверса, жамият олдида олийдир. Зеро, ёши улуғ зотлар дейилганида кўз олдимизга аввало сизу-бизнинг дунёга келишимизга сабаб бўлган мушфиқ ота-оналаримиз келади. Чунки, уларнинг сочлари бизнинг ғамимизда оқарган, нурли юзларига биз сабаб ажин тушган, нурафшон кўзларининг нури бизнинг йўлимизда сарф бўлган Зотлардир.

 

Муборак ҳадиси шарифда келтирилишича:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятида: барака) катталарингиз билан биргадир”. Ибн Ҳиббон ривояти.

Шунинг учун ҳам кекса бор хонадон баракали, нурли бўлади. 

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга яхшиларингиз ким эканини билдирайми?”,-деганларида, “Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули!”,-дедилар. “Сизларнинг яхшиларингиз – ёши улуғларингиз ва амаллари гўзалроғингиздир”, - дедилар. Ҳоким ривояти.

Кекса ва ёши улуғларни икром қилиш  Аллоҳни улуғлашдир: Мусулмонлар ўзларининг гўзал сифатлари билан ажралиб туришади. Ёши улуғларни ҳурмат қилиш шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёш жиҳатидан катталарни ҳурматлаш ва улуғлашга кўп бора чорлаганлар. Доно халқимиз бежизга катталарга ҳурматда, ёшларга иззатда бўлишга чақирмаган. Сиз ва бизнинг дуогўйларимиз бўлмиш кекса ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва динимиз одобларидандир. Чунки, қариялар биз босиб ўтмаган давонлар борасида тажрибага эга бўлишади ҳамда ақллари ва одоб – ахлоқлари камолотга етиб, ёшлик-бебошликнинг бефойда қизиқишлари, тезлик ва шошқалоқликлари тўхтаган бўлади. Ёши улуғлар билан кўпроқ суҳбатда бўлганларда виқор ва босиқлик ҳамда ҳамма нарсага ақл билан ёндошиш каби хислатлар шаклланади. Ёшларнинг ёши улуғларга салом бериши ёки автобусда жой беришидан тортиб, сиёсий эътибордан уларга давлат тарафидан ойлик нафақалар ажратилиши уларни ҳурмат қилиш ва эъзозлашдир.

     Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас”. Бухорий “Адабул-муфрад” китобида ривоят қилган.

     Ҳадисдаги “...биздан эмас”,-деб айтилган жумлани уламолар “катта гуноҳ” маъносида, дейишади. Демак, ёши улуғларнинг ҳақларини пой-мол қилганлар улкан гуноҳ қилган бўлишади.

     Бошқа ҳадисда эса бу ҳақида шундай дейилади:

     Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади”. Термизий ривояти.

     Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳида кексаларни ҳурмат қилган кишининг ҳам  умри узайиб, у ҳам кексалик ёшига етиш шарафига муяссар бўлади, дейишади.

Зайнул Обидин ёши улуғларнинг ҳақлари ҳақида шундай дейди: “Дарҳақиқат, кексаларни ёши сабабли улуғлаш, Исломни биздан олдин билган ва таниганлари учун ҳурмат қилиш, тортишмаслик, тик қарамаслик, олдинда юрмаслик, жоҳил, яъни, илмсиз деб ҳисобламаслик, баъзи ҳолларда жоҳиллик қилсалар уни кўтариш ва Ислом ҳаққи-ҳурмати уларни икром қилиш уларнинг ҳақларидандир”.

     Анас розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макка фатҳ қилинган куни отаси Абу Қуҳофани кўтариб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: “Қарияни уйларида қолдирганингизда уни олдига ўзимиз борардик”,-дедилар”. Имом Аҳмад ривояти.

     Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривояти қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса уни икром қилинглар”. Табароний ривояти.

     Яна бир ҳадисда эса:

     Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”. Табароний ривояти.

Муватто китобида Саид ибн Мусайяб раҳматуллоҳи алайҳдан шундай ривоят келтирилади: “Иброҳим алайҳиссалом энг аввал меҳмон қилган, энг аввал хатна қилинган, энг аввал  мўйловини қисқартирган, энг аввал сочига оқ тушган одам эдилар. Шунда: “Эй, Раббим! Бу (яъни, сочдаги оқ) нима”,- дедилар. Аллоҳ таоло: “Виқор, ё, Иброҳим!”,-деди. “Иброҳим алайҳиссалом: “Раббим! Менга виқорни зиёда қил”,-дедилар

Ота-онанинг қадрдонларини эъзозлаш: Ота-онамиз ёши улуғлар ичида юқорида келтирилган икром ва одобларга энг лойиқ ва ҳақлироғидирлар. Зеро, уларнинг мартабаси ва ҳурматини Аллоҳ таолони Ўзи белгилаб берган. Ҳатто, ота-онамиз севган ва қадрдон тутган инсонларни севиш ва икром қилиш ота-онамизни икром қилишдандир. Бу ҳақида шундай дейилади

     Ибн Умар розияллоҳу анҳудан шундай нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дарҳақиқат, яхши ишларнинг энг яхшиси киши отасининг қадрдонлари билан алоқаларни боғлашидир”. Муслим ривояти.

     Аллоҳ ҳаммамизга ота-оналаримиз, уларнинг қадрдонлари, кекса ва ёши улуғларимизни мартабасини билиш, уларни икром қилиш каби яхши амалларда кўмакичи бўлсин. Улар сабаб устимизда турган баракани кўтармасин!

Жаҳонгир УБАЙДУЛЛОҲ,

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,

Тошкент шаҳар Олмазор тумани

 “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти "mumina.uz" расмий веб сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг № 1083 рақамли гувоҳномасига эга | Сайт материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Экспертиза бўлими текшируви ва хулосаси асосида сайтга жойлаштирилади | Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!